Филиалларга амалий кўмак
Академик С.М.Бахрамов номидаги Ўзбекистон Республикаси “Анемия ва лейкемия” ХЖФ иш режасига кўра, жорий йилнинг 28-30 сентябрь кунлари Фонднинг Хоразм вилояти филиали фаолиятини ўрганиш ва иш юритишда амалий ёрдам бериш мақсадида хизмат сафари уюштирилди.

Филиалда олиб борилаётган ишлар кўлами, эришилаётган натижалар, шунингдек иш юритиш аҳволи ўрганилди. Фонд томонидан тавсия этилган қўлланмадан фойдаланиб, тегишли ҳисоботларни белгиланган муддатларда тақдим этиш, ҳужжатлар юритишда хато ва камчиликларга йўл қўймаслик бўйича тушунтириш берилди. Кўнгиллилар кучидан самарали ва унумли фойдаланиш, ҳомийлик маблағларини жалб этишни такомиллаштириш, бунинг натижасида ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаро қатламларига кўрсатилаётган моддий ёрдам ҳажмини ошириш йўллари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, Фонд томонидан филиал фаолиятида фойдаланиш учун ноутбук (принтери билан) хайрия тариқасида топширилди.

Хизмат сафаримиз доирасида Хоразм вилояти Соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси бошлиғи Содиқов Содиқжон Бобоевич билан учрашдик.
Сухбат давомида Бошқарма бошлиғи С.Содиқов вилоят хокимлиги билан ҳамкорликда марказни таъмирлаш режага киритилганлиги, ҳозирда эса, беморларга ажратилаётган дори-дармонлар тури ва хажмини кўпайтириш ҳамда сифатли тиббий хизмат кўрсатиш бўйича ишлар қилинаётганлигини маълум қилди.
Бундан ташқари, филиал фаолиятига бундан кейин алоҳида эътибор қаратилиши, маҳаллий ОАВ орқали ҳамда ишончли блогерлар ёрдамида беморларга манзилли ёрдам кўрсатилиши, шу билан бирга филиалнинг шахсий хисоб рақамига ҳомийлик маблағларини жалб этишга келишиб олинди. Бу ишларни амалга оширилишида Бошқарманинг матбуот хизмати ҳам жалб этиладиган бўлди.
