«ЭКОСАН» ХХЖФ янги таркиби ҳақида
«ЭКОСАН» экология ва саломатлик халқаро хайрия жамоат фонди жорий йилнинг 18 июнь куни навбатдаги Муассислар конференциясини ўтказди.
Конференцияда Муассислар таркибидаги вазирликлар, қўмиталар, банк ва жамоат ташкилотлари мутассадди вакиллари иштирок этишди.
Ушбу конференцияда фонднинг 2014–2019 йилларда амалга оширган фаолияти бўйича Васийлик кенгаши, Бошқарув ва Тафтиш комиссиясининг молиявий-хўжалик фаолияти ҳисоботлари тингланди ва тасдиқланди.
Муассислар йиғилишини Ўзбекистон Республикаси “Анемия ва лейкемия” ХЖФ Раиси Ш.Шарахмедов олиб борди.
Конференция давомида аҳолининг экологик саводхонлигини ва маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, аҳолининг ижтимоий-гигиеник ва экологик шароитини, ичимлик суви билан таъминлаш ҳолатини яхшилаш бўйича лойиҳалар, халқаро ҳамкорлик каби қатор масалалар юзасидан амалга оширилган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Мазкур масалалар юзасидан Муассислар вакиллари томонидан фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди. Шунингдек, уларни фаолият давомида амалга ошириш масалалари келишиб олинди.
Муассислар конференциясида фонд Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда Васийлик кенгаши ва тафтиш ҳайъати ҳамда Бошқарувнинг янги таркибини сайлаш масалалари кўриб чиқилди.
Шу куни Васийлик кенгашининг биринчи мажлиси ўтказилди ва Васийлик кенгаши раиси этиб Н.С.Отабеков, Бошқарув раислигига К.Б.Жўраев номзоди тасдиқланди. Ўзбекистон Республикаси “Анемия ва лейкемия” ХЖФ «ЭКОСАН» ХХЖФ муассиси, унинг раиси эса, Васийлик кенгашига аъзо этиб сайланди.
