14 июнь – Халқаро донорлар куни
Маълумки, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан 14 июнь куни – Халқаро донорлар куни этиб эълон қилинган бўлиб, бу кунга бағишлаб Республика қон қуйиш марказида ҳар йили анъанавий тадбир ўтказиб келинади.
2024 йилнинг 14 июнь куни Республика қон қуйиш марказида ушбу кунга бағишланган тадбирда академик С.М.Бахрамов номидаги Ўзбекистон Республикаси “Анемия ва лейкемия” ХЖФнинг Васийлик кенгаши, Бошқарув аъзолари ҳамда бошқа ходимлари иштирок этди.
Бундан ташқари, мазкур тадбирга Фавқулотда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги масъул ходимлари, шунингдек республикада фаолият олиб бораётган жамоат ташкилотлари вакиллари ташриф буюришди.
Тадбир доирасида доимий равишда беғараз қон топшириб, беморларнинг ҳаётини сақлаб қолишга сабаб бўлаётган донорларга “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони топширилди. Бундан ташқари, фахрий донорларга махсус ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар ҳадя этилди.
Ўзбекистон Республикаси “Анемия ва лейкемия” ХЖФ ҳам мазкур тадбирда фаол иштирок этиб, Республика қон маркази раҳбарияти томонидан тавсия этилган 10 нафар донорга ҳамда тўрт нафар жонкуяр тиббиёт ходимларига Фонднинг миннатдорлик ёрлиқлари ва эсдалик совғаларини тантанали равишда тақдим этди.